Жиззах футбол тарихида аёллар футбол жамоаси элитада иштирок этиши тарихий воқедир. Ана шундан ёш ва дебютант жамоани клуб раҳбарияти тажрибали мураббий,ўзбек футболида ўз ўрнига эга бўлган, “Металлург-W” жамоасини чемпион қила олган Шерали Бабакуловга ишониб топширишди. Шерали Бабакулов  шогирдлари айни дамда турнир жадвалида пешқадам бўлиб турибди. Бугун биз Шерали Бабакулов билан суҳбат қилишга қарор қилдик.

“Сўғдиёна-W” сафарда иккита ғалабани қўлга киритди. Жамоада кайфият қандай ва “Локомотив-W” га қарши қандай тайёргарлик олиб борилмоқда?

Ўз майдонимизда  ғалаба қозонишимиз керак бўлган ўйинда “Бухоро-W” га мағлуб бўлдик ва керакли уч очкони қўлдан бой бердик. Ўз олдимизга сафардан очко олишни мақсад қилдик ва ниятимизга етдик. Мағлубият жамоада рухий тушкунликни олиб келди. Натижа ўз таъсирини кўрсатди. Меҳмонда 6 очко билан қайтдик. “Қўқон-1912 ” аёллар жамоасини билан ўйин онсон кечди деб айта олмайман. Кучли хохиш  эвазига ғалаба қозондик. “Андижанка” озгина қизларни  хушёр ўйнашга мажбур этди. Лекин мен жамоаларни билар эдим. Футболчилар кўрсатмаларни тўғри бажарса,ғалаба қозонишига ишонган эдим.Турдан турга ўйинимиз  яхшиланмоқда. Машғулотдан  машғулотгача қизларда ўсишни кузатаяпман. Қизлар жуда ёш. Жамоада етакчилар ва ёшлар ҳам топшириқларни бирдек бажаришмоқда.

Жамоада ёш футболчи қизлар кўп. Улар билан индивидуал шуғулланиб борасизми? Умуман дебютант жамоа билан ишлаш қийин бўлмаяптими?

-Ҳақиқатда жамоа жуда ёш. Февраль ойида жамоани қабул қилдим ва менинг қўл остимда йиғинга киришдик. Жамоа жисмонан мавсумга тайёр эмас эди. Ёш футболчилар билан айни дамда индивидуал шуғулланишга деярли имкон топа олмаяпман. Манашу икки ҳафталик танаффус менга анча ёрдам берди. Шу фурсатдан фойдаланиб улар билан машғулотларда индивидуал ишладим. Назарий ва амалий машғулотлар доимо олиб борилмоқда.

Жамоа билан бирга сиз бу мавсумда ўз олдингизга қандай мақсадларни қўйдингиз?

Мавсум бошида янги жамоани ташкил қилаётганимизда клуб рахбарияти дебютант  эканлигимизни ҳисобга олди. Масумда қайсидир ўринни эгаллаш эмас ,балки чемпионатда муносиб иштирок этиш ва кучли рақобатбордош жамоани ташкил қилишдек вазифа қўйилди. Лекин  ҳозир кўрсатаётган ўйинимиз билан  бирор натижага эриша оламиз. 16 май ҳолатига келиб ,чемпионат пенқадамлари 2 тадан ўйин ўтказгани йўқ. Тўғри, улар ҳали пешқадамлигини қайтариши мумкин. Аммо биз ҳозир жадвалда биринчи ўриндамиз.  Раҳбарият олдимизга жиддий вазифа қўймаса-да,биз ўзаро келишиб майдонда фақат максимал очко тўплашга ҳаракат қиламиз. Клуб раҳбарияти иккинчи даврада аввалида жамоа таркибини кучайтириш бўйича иш олиб борилишини айтиб ўтди. Биз эса ушбу эътиборга жавобан ҳар бир ўйинда максимал очко йиғишга ҳаракат қиламиз.

Навбатдаги турларда ўз майдонимизда кучли жамоаларга қарши баҳс олиб борамиз. Ўйинлардан олдин қайдай фикрдасиз?

– “Локомотив” бир неча йиллар давомида чемпионатда иштирок этаётган стабил жамоалардан бири. “Чақилмас ёнғоқ” деса ҳам бўлади. Уларга қарши 16 май куни баҳс олиб борамиз. 24 ва 27 май кунлари собиқ жамоам Ўзбекистон чемпиони “Металлург-W” ва ўткан йили бронза медали соҳиблари  бўлган “Бунёдкор-W” жамоаларига қарши ўйин ўтказамиз. Уларга қарши баҳс  жамоа учун яна бир имтихон десам ҳам  бўлади. Агар манашу  уч учрашувда ижобий натижани қўлга кирита олсак , жамоада ғалабага бўлган иштиёқ янада ошади.

“Металлург-W”ни ҳам чемпионликкача бўлган йўлдан ўзиз олиб бордингиз. “Сўғдиёна-W” билан ҳам мураббий сифатида ўз олдингизга қандай мақсадларни қўйдингиз?

-Мен ҳар доим ўз олдимга энг юқори мақсадларни қўйганман. Футболчи сифатида 2008 йилда жароҳатим сабаб фаолиятимни якунлаганман. Мураббийликка ўтганимдан сўнг ўз олдимга максмал мақсад қўйдим. Бекободда бир неча йиллар давомида футбол мактабида ишладим. Ушанда 12 нафар тарбияланувчим “Металлург” ёшлар лигасида ўйнади. Аёллар жамоаси бўйича таклиф олганимдан сўнг ўз олдимга энг юқори мақсадларни қўйдим булар: Ўзбекистон чемпиони бўлиш,Ўзбекистон Кубогига  ва Суперкубогига эга бўлиш. Мураббий сифатида эса Ўзбекистон  терма жамоа мураббийи бўлиш. Ўз олдимга қўйган юқори вазифалар бажарилди десам ҳам бўлади. Ўзбекистон терма жамоасини бошқаришдек бахт менга насиб этганлигидан хурсандман. Янги рахбарият  аёллар футболига алоҳида эътибор билан қарамоқда. Ўйлайманки, терма жамоа мураббийи бўлишдек бахт яна насиб этади. Менинг мураббий сифатида бор билим ва тажрибамни нафақат клубга балки терма жамоа манфаати учун хизмат қилишини хохлайман. Клубда эса рахбарият билан бирга бир неча йиллар давомида ишлаш насиб этса,ишонаманки “Сўғдиёна-W” грандлар қаторида бўлади.

Клуб рахбарияти “Сўғдиёна-W” га қай даражада эътибор бермоқда?

-Клуб рахбарияти шу бугунги кунгача биз учун барча шароитларни яратиб берган. Клуб президенти мунтазам жамоанинг ҳар бир кунидан хабар олади. Жиззах вилоят ҳокимининг шахсан ўзлари келиб 2 та уй учрашувимизни томоша қилганлари бу Жиззах вилоятида футболига  эътибор юқори  эканлигидан далолат. Клуб президенти қаттиқўллик билан бизни фақат олдинга чорлашлари ва доимо қўллаб-қувватлашлари бизни янада кўпроқ ишлашга ундайди. Мен шу клубда эканлигимдан беҳад бахтиёрман.

Жиззахлик мухлислар жуда талабчан бўлишади. Ўйинларга кўплаб мухлислар келиб қўллаб-қувватлашади. Хаттоки сафар ўйинларига ҳам бориб жамоа билан бирга бўлишади. Уларга тилакларингиз…..

-Мухлислардан “Локомотив”га қарши баҳсда келиб жамоани қўллаб-қувватлашини сўраган бўлар эдим. Айниқса ,биз учун рақиб бўлган уша гранд жамоаларга қарши баҳсларга мухлисларнинг қўллаб-қувватлаши қизларимизга янада куч беради. Манашу уч  ўйин жамоа тақдирини тубдан ўзгартириши мумкин. Шунинг учун стадионга ташриф буюринг ва жамоани қўллаб-қувватланг.

Асосий жамоамиз навбатдаги турда “Бунёдкор”га қарши баҳс олиб боради. Ушбу баҳс олдидан сизнинг фикрингиз?

Яширишни ҳожати йўқ. Александр Мочинов кетгач жамоа тубдан ўзгарди. Александр Мочиновни қўп кузата олмадим. Сергей Иванович жамоани қабул қилгандан сўнг футболчиларга биринчи навбатда ишончни қайтариб берди. Майдондаги тактик ҳаракатлар тубдан ўзгарди. Жаҳон футболи талаб қилган барча хусусиятлар Сергей Ивановичда мужассам .Шахсан ўзим вақтим бўлди дегунча кузатиб бораяпман. Сергей Иванович тажрибали мураббий. Ундан  ўрганадиган нарсалар кўп. Бундай уялмайман. Керак бўлса ҳар машғулотда ён дафтаримга қайд қилиб бораман,билмаган нарсаларни эса ўзидан кўп бора сўрайман. Ҳозирги “Сўғдиёна”нинг машғулотларини ва ўйинларини мураббий сифатида кузатиш мароқли. Уни футболчиларга қўяётган талаби ва унинг орқасидан келаётган натижалари жамоа нақадар тўғри йўлда эканлигини кўрсатиб бермоқда. Тўғри тақвим тиғиз,олдинда қийин ўйинлар бизни кутмоқда. Футболчиларга аввало соғлик тилайман. Ўйдаги мағлубиятсиз серия давом этиб ҳали иккинчи даврада жамоа ўзига керакли очколарни қўлга киритади деб ишонаман. Мухисларга эса ҳар қандай ҳолатда ҳам жамоани қўллаб-қувватлашини сўраб қоламан.

“Сўғдиёна” ПФК матбуот котибаси Дилдора Холбоева суҳбатлашди

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan